ЎзА муқаддам Президент томонидан танқид остига олинган Молия вазирлигининг собиқ ходими Элла Острогожская ҳақидаги «энг сўнгги, энг аниқ» маълумотни тақдим этди. Қуйида материални тўлиқ келтирамиз.

Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 22 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида Молия вазирлиги тизимидаги собиқ вазир ва собиқ бошқарма бошлиғининг иш услубини жиддий танқид қилган эди.

Ана шундан сўнг ижтимоий тармоқларда кўплаб ахборот ва материаллар эълон қилинди. Элла Острогожская кимлиги ва унинг ақлбовар қилмас даражада «ўзлаштириб юборилган» маблағлари, чет элда ўқиб, ўша ерда яшаб қолган фарзанди ҳақида, чет давлатларда қимматбаҳо мулклари борлиги ва бошқа мамлакатнинг фуқаролигига эга эканлиги қайд этилган маълумотлар берилди. Бироқ бирорта ижтимоий тармоқда у ҳақда аниқ маълумотлар келтирилмади.

Хўш, шунча шов-шувларга сабаб бўлган Острогожская хоним аслида ким? Давлат идорасида қандай вазифаларда ишлаган?

Элла Острогожская.
Фото: ЎзА

Қўлимизда Элла Острогожскаянинг шахсий маълумотномаси турибди. Унда ёзилишича, Элла Острогожская 1956 йил 4 ноябрь куни Тошкент шаҳрида туғилган. Миллати — рус. Отаси Коган Илья Лазерович 1922 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Узоқ йиллар «Фотон» заводида уста бўлиб ишлаган отаси 2002 йилда вафот этган. Онаси Попова Людмила Сергеевна уй бекаси, 1926 йил Тошкент шаҳрида туғилган, 1959 йилда вафот этган.

Турмуш ўртоғи – Острогожский Игорь Олегович 1958 йил Тошкент шаҳрида туғилган. «АТЕКС» фирмасида менежер бўлиб ишлайди.

Қизи – Острогожская Анастасия Игоревна 1984 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Россия Федерацияси Москва шаҳридаги Москва молия-юридик академиясида таҳсил олган.

Ўғли – Острогожский Кирилл Игоревич 1986 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент ахборот технологиялари университетида таҳсил олган.

Элла Острогожскаянинг маълумоти олий, 1978 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини иқтисодчи мутахассислиги бўйича тамомлаган. Магистрлик илмий даражасига эга. Илмий унвони йўқ.

Меҳнат фаолияти давомида Элла Острогожская турли лавозимларда ишлаган.

1974–1978 йилларда Тошкент халқ хўжалиги институти талабаси бўлган Элла Острогожская хоним иш фаолиятини 1978 йилда Ўзбекистон ССР Молия вазирлигининг Қишлоқ хўжалигини молиялаштириш бошқармасида бошлаган.

1978–1986 йилларда у бошқармада катта иқтисодчи ва бош иқтисодчи;

1986–1992 йилларда Молия вазирлигининг Агросаноат комплексини молиялаштириш бошқармаси етакчи иқтисодчиси, бош иқтисодчиси ва бўлим бошлиғи;

1992–1993 йилларда Молия вазирлигининг Хизмат кўрсатиш, кооператив, қўшма ва кичик корхоналарни молиялаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари – бўлим бошлиғи;

1993–1995 йилларда Молия вазирлигининг Давлат бюджетини жамлаш ва ҳудудий молия бошқармаси бошлиғи ўринбосари – бўлим бошлиғи;

1995–2003 йилларда Молия вазирлигининг Давлат бюджети бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари;

2003–2003 йилда Молия вазирлигининг Валюта-иқтисод бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари – Инвестиция лойиҳалари ва дастурларини экспертиза қилиш бошқармаси бошлиғи;

2003–2004 йилларда Ҳисоб палатасининг етакчи инспектори;

2004–2005 йилларда Ҳисоб палатасининг бош инспектори;

2005–2017 йилларда Молия вазирлигининг Давлат бюджети бош бошқармаси бошлиғи;

2017–2017 йил Молия вазирлиги ҳузуридаги ўқув маркази «Молиячи маълумотномаси» бюллетени таҳририяти бўлим бошлиғи вазифаларида ишлаган.

Элла Острогожская хоним меҳнат фаолияти давомида икки марта Давлат мукофоти билан тақдирланган. 1998 йилда «Дўстлик» ордени ва 2010 йилда «Меҳнат шуҳрати» орденини олган.