«Ўзстандарт» агентлиги томонидан тадбиркорларга янада қулайлик яратиш мақсадида «Ҳалол» стандарти қабул қилинди. Бу ҳақда агентлик сайтида маълум қилинди.
Агентлик шу мавзуда махсус ролик ишлаб, тақдим этди.
«Бугунги кунда ‘Ҳалол’ белгиси остида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга Европа Иттифоқи, АҚШ, Буюк Британия, Австралия, Канада, Хитой, Ҳиндистон, Лотин Америкаси давлатлари, Янги Зеландия ва Таиланд каби мамлакатларда ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда», — дейилади видеода.
Бундан ташқари, дунёда мусулмон аҳлининг ортиб бориши (тахминан 1,8 млрд одам, ер аҳолисининг 24 фоизи дегани) «Ҳалол» белгиси остида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга талабнинг янада ошишини таъминламоқда.
Шунингдек, ҳалол туризм индустрияси жадал суръатларда ривожланаётган соҳа бўлиб, бу бозорнинг йиллик ҳажми 126 миллиард долларни ташкил этмоқда ва 2020 йилга бориб камида уч баробар ортиши кутилмоқда.
«Ўзстандарт» томонидан «Ҳалол» стандартининг қабул қилиниши тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифати ва хавфсизлигини юқори стандарт талаблари асосида таъминлашга замин яратади, деб таъкидланади хабарда.
Изоҳ (0)