«Ижтимоий фикр» маркази мингдан ортиқ респондент орасида Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида бўлаётган ўзгаришлар ва фуқароларнинг уларга муносабати юзасидан тадқиқот ўтказди. Тадқиқот натижалари марказ томонидан «Дарё»га тақдим этилди.
Натижалардан маълум бўлишича, ҳисобот даврида — 2017 йилнинг охирги уч ойида фуқароларнинг давлат бошқаруви ва жойлардаги ижро ҳокимияти органлари фаолиятига берган баҳосида ижобий тенденция кузатилди: 2017 йилнинг биринчи чорагида респондентларнинг 47,1 фоизи давлат идоралари ишидан қониқиш ҳосил қилган бўлса, тўртинчи чоракка келиб бу кўрсаткич 52,3 фоизни ташкил этди.
Аҳолининг долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал қилиш бўйича давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимият органлари ¬фаолиятидан фуқаролар қониқишининг энг юқори даражаси Сурхондарё (86,7 фоиз), Наманган (75,6 фоиз) ва Сирдарё (75 фоиз) вилоятларида аниқланди. Фарғона ва Жиззах вилоятлари аҳолисининг бу борада берган ¬баҳоси мамлакат бўйича ўртача даражадан паст бўлди.
Тадқиқот жараёнида фуқаролар жойлардаги ижро ҳокимияти органлари фаолиятига доир ахборотнинг очиқлик даражасини ҳам белгиладилар. Ҳар иккинчи респондент айни жабҳадаги ахборот очиқ ва улардан фойдаланиш мумкин, деб ҳисоблайди. Тўрт чорак мобайнидаги сўровлар мониторинги бу кўрсаткич 10,5 фоизга ўсганини тасдиқлади.
Шунинг баробарида, ҳар учинчи респондент давлат идоралари фаолияти ҳақидаги ахборот ҳаммага ҳам очиқ эмаслигини ва улардан барча бирдек фойдалана олмаслигини таъкидлайди.
Изоҳ (0)