Эрон президенти Ҳасан Руҳоний мамлакатда тўрт кеча-кундуздан буён давом этаётган ҳукуматга қарши намойишларни изоҳлади. Унинг гапларини Press TV телеканали келтириб ўтди.
«Биз — конституцияга ва фуқаролар ҳуқуқларига асосланган эркин миллатмиз, одамлар ҳукуматни эркин танқид қилиши ва ҳатто ўз норозилигини ифодалаши ҳам мумкин», — деди у.
«Шу билан бир вақтда Руҳоний норозилик кайфиятларини билдириш усули пировардида Эрон аҳолиси ҳаёт даражасини кўтаришга олиб келиши кераклигини таъкидлади. «Танқид зўравонликдан фарқ қилади», — дея қайд этди Эрон президенти.
Шунингдек, у мамлакатдаги баъзи муаммоларни тартибга солиш «қийин эканлиги ва муайян вақт талаб қилиши»ни айтди ҳамда Эрон ҳукумати ва мамлакат фуқароларини ушбу муаммоларни ҳал этишда ҳамкорлик қилишга чақирди.
Эронда ҳукуматга қарши намойишлар 28 декабрга ўтар кечаси бошланди. Мамлакатнинг кўплаб шаҳарларида, шу жумладан, Теҳронда бўлиб ўтаётган норозилик акциялари ҳарбийлар билан тўқнашувлар ва давлат муассасаларига ҳужумлар билан бирга кечмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, намойишлар чоғида икки киши ҳалок бўлган.