«Президент арчаси» тадбирини мазмунли ва кўтаринки руҳда ташкил этиш мақсадида, Халқ таълими вазирлиги ва тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида бир қатор ишлар амалга оширилди. Тадбирда Меҳрибонлик уйлари, SOS Болалар маҳалласи, Мурувват уйлари тарбияланувчилари, Тошкент шаҳри маҳаллаларида оилаларда тарбияланаётган ота-она қарамоғисиз қолган болалар, ватан тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг фарзандлари иштирок этди, деб ёзади Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати.
Саройнинг байрамона безатилган фоесида Қорбобою Қорқиз, турли эртак қаҳрамонлари, таниқли санъаткорлар байрамга ошиққан болажонлар ва меҳмонларни хушнудлик билан кутиб олди. Бу ерда янграган куй-қўшиқлар, эртак қаҳрамонларининг ҳазил-мутойибалари йиғилганларга кўтаринки кайфият улашди.
Олимпиада чемпионлари Ҳасанбой Дўсматов, Руслан Нуриддинов, Фазлиддин Ғойибназаров ва бошқа таниқли спортчилар, Ҳиндистоннинг Лакхнау шаҳрида ўтказилган жаҳон халқаро математика олимпиадасида биринчи ўринни қўлга киритган ўқувчилар ҳамда Президент ташаббуси билан Туркманистоннинг «Аваза» сайёҳлик марказида ҳордиқ чиқарган иқтидорли ўқувчилар ҳам болаларни байрам билан табриклади.
Шундан сўнг «Томоша» болалар ижодий студияси томонидан «Мўъжизалар бор экан» номли саҳналаштирилган мусиқий чиқиши байрам қатнашчилари эътиборига ҳавола этилди.
Тадбир ниҳоясида барча болалар, ёш ижрочилар, байрам иштирокчилари жўрликда «Президент арчаси» қўшиғини ижро этди. Саройда бўлиб ўтган тантаналар якунлангач, байрам тадбирлари болалар тарбияланаётган муассасаларда давом эттирилиб, уларга ўқув қуроллари, турфа ширинликлардан иборат «Президент совғалари» топширилди.
«Президент арчаси» байрам тантаналари Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоят марказларида кўтаринки руҳда ўтказилди.
Изоҳ (0)