30 декабрь куни фавқулодда вазиятлар вазири Р. Джураев тез ҳаракат қилиш республика кўп тармоқли марказининг (ТҲҚРКТМ) тайёргарлик ҳолатини текширди. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати маълум қилди.
Текширув давомида вазир ТҲҚРКТМ қутқарувчиларининг тайёргарлик ҳолати ва марказнинг имкониятлари билан яқиндан танишди. Вазир ТҲҚРКТМнинг тайёргарлик даражаси юқори эканлигини таъкидлаб, байрам ҳамда байрам арафасида республика аҳолисини юзага келиши мумкин бўлган турли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш муҳим аҳамият касб этишини эслатиб ўтди.
Шунингдек, вазир қутқарувчилар билан суҳбат жараёнида вазирлик тузилмаларини замонавий техникалар, қутқарув асбоб-анжомлари билан таъминлаш, ҳарбий хизматчилар учун уй-жой қуриш бўйича олиб борилаётган амалий тадбирлар ҳақида сўзлаб берди, қутқарувчиларнинг оилаларидаги шароитлар билан қизиқди.
Вазир қутқарувчиларнинг 2017 йил давомида қутқарув жараёнларидан олган тажрибалари келгусида, яъни 2018 йилда янги синовлардан ўтишда, вазифаларни ўз вақтида бажаришда асқатишини алоҳида таъкидлаб, уларни Янги йил билан самимий муборакбод этди.
Изоҳ (0)