Ислом Каримов фонди Ўзбекистон Биринчи Президентининг оиласига дахлдор янги фотосурат ва маълумотларни эълон қилди. Сурат фонднинг Facebook’даги саҳифасига жойлаштирилган.

Каримовларнинг ушбу оилавий фотосурати 1928 йилда — Ислом Каримов таваллудидан 10 йил аввал олинган. Суратда Биринчи Президентнинг отаси Абдуғани ота (1894 йилда туғилган) ва онаси Санобар ая (1902) ҳамда опа-акалари — Меҳринисо (1920), Амонулло (1922), Ибодулло (1926) акс этган.

Фото: Facebook / Каримов фонди

Бу оилада саккиз фарзанд ўсиб улғайган: бир қиз — Меҳринисо ва етти ака-ука: Амонулло, Ибодулло, Арслон, Қуддус, Икром, Ислом, Хуршид.

Фонднинг ёзишича, хизматчи бўлиб ишлаган Абдуғани ота вазминфеъл, ўзига ҳам, бошқаларга ҳам қаттиққўл, талабчан эди. «Аввало ўзи қатъий интизом ва тартиб-қоидага риоя этган ота фарзандларидан ҳам шуни талаб қилар эди. Маҳалла-кўйнинг эҳтиромини қозонган эди», — дейилади Facebook’даги хабарда.

Санобар ая эса уй бекаси бўлган. У киши насл-насабли оилада таваллуд топган бўлиб, падари бузрукворлари мулла-шариф — ўз даврининг мў’табар уламоларидан эди. Фонд хабарида қўшимча қилинишича, «билимга чанқоқлик, кучли хотира, зукколик ва сабр-тоқат каби фазилатлар бутун умр Санобар аяга йўлдош бўлди».

Каримовлар оиласида барча ўғил фарзандлар олий маълумот олган, улардан уч нафари мактабни олтин медалга битирган, уч нафари — Ибод Ғаниевич, Қуддус Ғаниевич ва Ислом Абдуғаниевич фан номзоди бўлган. Кейинроқ Ислом Каримов академик даражасини олди.

«Барча ака-укалар жуда кучли хотирага эга эдилар. Бу қондан қонга ўтиб келган фазилат бўлса не ажаб. Ака-укалар ўзаро мусобақалар ўтказишар, масалан, бирор матн ўқилиб, уни ёддан айтиб бериш борасида беллашилар эди. Кейинроқ ака-укалардан бири олий ўқув юрти ўқитувчиси, бири судья, бошқалари хизматчи, олим ва… Президент бўлди», — дейилади фонд хабарида.

Фонд хабари қуйидаги сўзлар билан якунига етган: «Зиёли бу оилада ўғилларнинг муносиб таълим олишига бирламчи вазифа сифатида эътибор қаратилган эди. Вақтнинг ўзи бу ҳаётий тутум қанчалар тўғри бўлганини кўрсатди».