Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида янги қурилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
«Озода махсус таъмирлаш ва реконструкция қилиш» масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан давлат дастурига асосан барпо этилган янги спорт мажмуасида 3 миллиард 900 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди.
Мажмуадаги замонавий спорт заллари, хоналар зарур жиҳозлар билан таъминланди. Сузиш ҳавзасида сувни иситиш, тозалаш ва янгилаб туриш технологияси ўрнатилди. Кийиниш, ювиниш хоналари замонавий жиҳозланган.
Спорт мактабига қабул қилинган 1200 дан зиёд ўқувчига 36 мутахассис белгиланган жадвал асосида футбол, стол тенниси, волейбол, таэквондо, бокс ва сузиш каби спорт турлари сирларини ўргатмоқда. Энди бу ерда вилоят миқёсидаги мусобақаларни ўтказиш имконияти ҳам мавжуд.
Изоҳ (0)