Сирдарё вилояти ҳудудидаги икки йўл-патруль пости тугатилди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ИИБ матбуот хизмати маълум қилди.
«22 декабрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари ҳозирги вақтда вилоятлар ўртасида йўл-патруль постларнинг эскича жойлашуви ҳаракатланиш эркинлигини чеклаб, савдо-иқтисодий муносабатлар, ички ва ташқи туризм ривожига салбий таъсир кўрсатмоқда, дея таъкидлаган эди», — дейилади хабарномада.
Юқорида келтириб ўтилган фикрларни инобатга олган ҳолда Сирдарё вилоятининг Оқолтин тумани ҳудудида жойлашган «Чинобод» ва Ховос туманида жойлашган «Наврўзобод» йўл-патруль постлари тўлиқ олиб ташланди.
«Бунинг натижасуда автомашина ҳайдовчиларининг ўз манзилларига етиб боришларида вақтларини тежашаларига имкон яратилди», — деди идора вакиллари.
Маълумот учун, мазкур икки йўл-патруль постлари 1992 йилда ўрнатилган эди.
Олдинроқ Фарғона шаҳрига кирувчи «Водий–5» йўл-патруль пости олиб ташлангани хабар қилинган эди.
Изоҳ (0)