Шавкат Мирзиёев раислигида 29 декабрь куни миллий кино санъати ва киноиндустрияни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлили, бу борада мавжуд муаммоларни ҳал этиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати маълум қилди.

Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати

Йиғилишда бош вазир, тегишли вазирлик ва идоралар, «Ўзбеккино» миллий агентлиги ва унинг тизимидаги ижодий ташкилотлар раҳбарлари, киноижодкорлар вакиллари иштирок этди.

Президент соҳа олдида турган долзарб вазифалар ҳақида тўхталиб, кино санъатининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, маданият ва санъат йўналишидаги олий таълим муассасалари, тажриба ва малака оширишини ташкил этиш билан боғлиқ ишларни жадаллаштириш ва уни тизимли равишда йўлга қўйиш зарурлигини алоҳида қайд этди.

Жумладан, вилоятларда маданият ва санъат коллежлари, пойтахтда эса Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, Нукус ва Қўқон шаҳарларида унинг филиаллари фаолиятини такомиллаштириш, кино соҳаси учун сценарист ва режиссёрлар, оператор ва актёрлар тайёрланаётган бу таълим даргоҳларининг илмий ва ижодий савияси, ўқув дастурлари ва методикасини замонавий талаблар асосида ишлаб чиқиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Яна бир муҳим масала – ҳудудларда кинотеатрлар қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш билан боғлиқ ишлар ҳам атрофлича муҳокама қилинди. 1996 йилга қадар мамлакатда мавжуд бўлган 342 та қишки ва ёзги кинотеатрларнинг 323 таси ўтган йиллар мобайнида хусусийлаштирилиб юборилган. Уларнинг асосий қисми савдо мажмуаси, тўйхона, бозорга айлантирилиб, фаолияти буткул ўзгартирилган ёки бузиб ташланган. Бугунги кунда мулкчилик шакли турлича бўлган 176 та кинотеатрдан 8 таси авария ҳолатида, 65 таси жиддий таъмирталаб, қолганларининг деярли ярми фаолият кўрсатмайди.

Вилоят ва туманларда кинотеатрлар фаолиятини қатъий йўлга қўйиш бўйича тегишли мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди. Шунингдек, кинопрокат тизими ҳам қониқарсиз экани, бу яратилаётган фильмларни мунтазам намойиш этиб бориш, бошқача айтганда, аҳолига кино хизмати кўрсатиш кўламини кенгайтириш имкониятини чеклаб қўяётгани танқид қилинди.

Давлат томонидан бериладиган ижодий грантлар учун ўтказиладиган танловларда хусусий студияларнинг иштироки ўзига хос соғлом ижодий рақобатни юзага келтиради, деди давлат раҳбари.

Кинематография соҳасини ривожлантириш борасида қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлаш, хорижий киностудиялар ва киноижодкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, улар билан ҳамкорликда фильмлар яратишни йўлга қўйиш муҳим экани қайд этилди.

Биз Ўзбекистон номини бутун дунёга тараннум этмоқчи эканмиз, бу ишни биринчи навбатда кино санъати ёрдамида амалга оширишимиз керак. Айнан кино санъати орқали жаҳон экранларини забт этишимиз, шу йўл билан дунё аҳлининг диққат-эътиборини қозонишимиз мумкин. Бунинг учун яна бир бор куч ва имкониятлар, ижодий салоҳиятни ишга солишимиз керак, деди пировардида давлат раҳбари.