Республика божхоначилари тилла ва заргарлик буюмларининг ноқонуний олиб ўтилишига доир навбатдаги божхона қоидабузарликларини фош этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Истанбулдан учиб келган фуқаролар Н.Нуритдинова ва М.Мирзамахмудова божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида ва йўловчи божхона декларациясида кўрсатмасдан туриб, тилла ва заргарлик буюмларини ноқонуний тарзда олиб кираётганида тўхтатиб қолинди.
Хусусан, Н.Нуритдинова дастлабки ҳисоб-китобларга кўра қиймати тахминан 100 миллион сўмдан ортиқ бўлган 465 грамм оғирликдаги, М.Мирзамахмудова эса тахминан 45 миллион сўмдан ортиқ қийматдаги 208 грамм оғирликдаги тилла ва заргарлик буюмларини божхона назоратидан четлаб, олиб киришга уринган.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида «Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 114 та божхона қоидабузарлиги натижасида қиймати 2 миллиард 234 миллион сўмдан ортиқ салкам 37 килограмм оғирликдаги тилла ва заргарлик буюмларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.
Фарғона вилояти божхоначилари эса йирик миқдордаги тилла ва заргарлик буюмларининг республикадан олиб чиқиб кетилишига чек қўйди. Фарғона туманининг чегарадош ҳудудида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро А.Тўраев ўзи бошқарувидаги Nexia автомашинасининг ўриндиғи остига яширилган салкам 4 килогамм 800 грамм оғирликдаги тилла қуймаларни бошқа бир шахс Н.Каримовга бераётган пайтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Суриштирувлар давомида қиймати салкам 1 миллиард 200 миллион сўмлик олтита қуйма тилла бўлаги республикадан олиб чиқиб кетиш учун мўлжалланганлиги маълум бўлди.
Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.
Изоҳ (0)