Тошкент шаҳар Олмазор тумани судида ўтказилган очиқ суд мажлисида коллеж ўқувчилари А. Собиров ва З. Гапуловга нисбатан қўзғатилган жиноят иши кўриб чиқилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Вояга етмаган бу икки нафар ўспирин тунги соат 23:30 ларда спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда безорилик кўчасига кириб, фуқаролар К. Фахриев ва Ғ. Ҳакимовни уриб, тан жароҳати етказган. Безорилик фақат шу ҳаракатлар билан тугамаган. А. Собиров фуқаро А. Колдишевнинг чап кўкрак қисмига пичоқ тиқиб, унга жароҳат етказган.
Аниқланишича, Тошкент алоқа касб-ҳунар коллежи ўқувчиси бўлган А. Собиров мунтазам равишда дарсларга бормай юрган. Коллеж маъмурияти ўқувчини биринчи босқичда қолдирган ва унинг қониқарсиз хатти-ҳаракатлари ҳақида ота-она, маҳалла, ички ишлар идорасини бир неча бор огоҳлантирган. Бироқ вақтида берилмаган эътибор ўспиринни жиноят кўчасига бошлаб кирган.
З. Гапулов эса ёшлигидан баъзи оилавий сабабларга кўра бувисининг қарамоғида яшаган. Ота-она меҳрига зор бу ўспирин вақтинча ишсиз бўлган. Тарбиядаги кемтиклик унинг шу жиноятни содир этишига сабаб бўлган, дея хулосага келиш мумкин.
Очиқ суд мажлисида кечиримлилик тамойили асосида З. Гапуловга нисбатан қўлланилган шахсий кафиллик эҳтиёт чораси бекор қилинди. А. Собировга қўлланган қамоқ чораси ўзгартирилиб, суд залидан озод этилди.
Изоҳ (0)