2020 йил Токиода бўлиб ўтадиган ёзги Олимпиада беллашувлари олдидан Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси турли спорт турларининг халқаро федерациялари раҳбарларини бирин-кетин қабул қилишда давом этади. Эндиги навбат Халқаро велосипедчилар иттифоқи президенти Давид Лапартьега етиб келди.
Тошкентга ташрифи давомида велодунёнинг айни вақтдаги энг катта раҳбарига Осиё велоспорт конфедерацияси президенти Усама Аҳмад Абдуллоҳ Аш-Шафар ҳамроҳлик қилди. Меҳмонлар орасида, шунингдек, UCI халқаро муносабатлар бўлими бошлиғи Гуилльаме Мажорие, UCI’нинг шоссе велоспорти бўйича комиссияси аъзоси, Европа велосипедчилар иттифоқи вице-президенти Александр Гусятников, UCI’нинг халқаро муносабатлар бўлими мутахассиси, Озарбайжон велоспорт федерацияси бош котиби Фарҳод Алиев, Қозоғистон велоспорт федерацияси бош котиби Тулпар Мансуров, ушбу федерация вице-президенти, «Астана» спорт клуби ижрочи директори Аманбек Кульчиковлар жой олишганди, деб ёзди МОҚ матбуот хизмати.
Меҳмонларни МОҚ биносида ташкилот бош котиби Ойбек Қосимов қарши олди. Музокаралар залида унга МОҚ президенти Алишер Султонов, Спорт қўмитаси раиси Рустам Қурбонов ҳамда Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Козим Ўринбойхўжаев қўшилди.
Расмий суҳбат давомида ўзбекистонликлар велоспортни мамлакатда ривожлантириш учун ҳар қандай ҳамкорликка тайёр эканини билдирди. Шунингдек, Ўзбекистонда халқаро мусобақаларни ўтказиш учун яхши шароит бор экани кўрсатиб ўтилди.
Олинган маълумотга кўра, Ўзбекистон кетма-кет икки йил давомида велоспорт бўйича нуфузли мусобақага мезбонлик қилиши мумкин. Расмий меҳмонлар билан учрашув давомида 2018 йилги велотрек бўйича Осиё Кубогини ҳамда шоссе йўналиши бўйича 2019 йилги Осиё Чемпионатини Ўзбекистонда қабул қилиш масаласи кўриб чиқилган.
Изоҳ (0)