Уэльснинг «Суонси» клуби бош мураббий Пол Клементни истеъфога чиқарди. Бу ҳақдаги хабар Премьер-Лига сайтида пайдо бўлди.
Клемент «Суонси»ни шу йилнинг 3 январь куни қабул қилиб олиб, хавфли зонада бораётган клубни АПЛда сақлаб қолганди. Бироқ янги мавсум у ва жамоаси учун омадли келмади. Чемпионатнинг 18-туридан кейин уэльсликлар турнир жадвалида 20-ўринни эгаллаб турибди.
Статистикага кўра, Клемент бошчилигида «Суонси» 41 та ўйинда майдонга тушиб улгурди. Шулардан 14 тасида уэльсликлар зафар қучган бўлса, 22 бор улар майдонни боши эгик ҳолда тарк этди. Яна 5 та беллашувда ғолибни аниқлаб бўлмади.
45 ёшли мураббий италиялик Карло Анчелоттининг ёрдамчиси сифатида кўпроқ танилганди. Клемент Анчелотти билан «Челси», «ПСЖ», «Реал», «Бавария» клубларида бирга фаолият олиб борди. Яхши таклифдан кейин эса у мустақил равишда «Суонси»ни бошқаришга рози бўлганди.
Қизиқ томони, шу мавсумнинг ўзида Карло Анчелотти ҳам «Бавария»дан истеъфога чиқарилганди. Энди устоз ва шогирд ишсиз. Шу билан бирга, уларда янги иш олдидан қайта бирлашиш имконияти пайдо бўлди.
Изоҳ (0)