Англия Лига Кубогининг ярим финалига йўлланма олган икки клуб номи маълум бўлди — «Арсенал» ҳамда «Манчестер Сити».
Арсен Венгер бошқарувидаги «Арсенал» Лондон дербисида «Вест Ҳэм» устидан зафар қучди. Дэвид Мойес бошқарувида ўзига келаётган «Вест Ҳэм» футболчилари ўтказиб юборилган голга жавоб қайтара олмади.
6 кун аввал мазкур икки клуб АПЛда ўзаро дуч келганида, беллашувда ҳисоб очилмаганди — 0:0. Қайд этиш керак, «Вест Ҳэм» ўтган босқичда «Тоттенҳэм» устидан 3:2 ҳисобидаги иродали ғалабага эришиб, нияти жиддий эканини кўрсатганди.
Ярим финалнинг иккинчи иштирокчиси бўлган «Манчестер Сити» Клод Пюэль мураббийлик қилаётган «Лестер»дан устун келди. «Тулкилар» сўнгги сониялардаги пенальти сабаб ўйинни қутқариб қолганди. Жейми Вардининг аниқ пенальтиси «Сити»ни қўшимча вақт сари етаклади.
Бироқ пенальтилар сериясида омад «Лестер»дан юз ўгирди. Ўтган йил бўлгани каби, пенальтилар ABBA усулида тепилди. «Лестер» учун барчаси яхши кетаётганида жамоанинг энг сара икки футболчиси «қовун туширди». Аввалига Жейми Варди, кейин эса Риёд Маҳрез ноаниқ зарба йўллаб, «Сити»га ёрдам бериб юборди.
Чорак финалдан ўрин олган яна икки учрашув бугун — 20 декабрь куни бўлиб ўтади. Қайд этиш керак, «Лестер» ўтган босқичда Лига Кубоги учун даъвогар бўлган «Ливерпуль» устидан 2:0 ҳисобида зафар қучиб, Клопп шогирдларини турнирдан чиқариб юборганди.
Англия Лига Кубоги 1/4 финал ўйинлари 19 декабрь, сешанба
«Арсенал» — «Вест Ҳэм» 1:0
Гол: Дэнни Уэлбек, 42 (1:0).«Лестер» — «Манчестер Сити» 1:1 (пен — 3:4)
Голлар: Бернарду Силва, 26 (0:1). Жейми Варди, 97-пен (1:1).20 декабрь, чоршанба«Челси» — «Борнмут»«Бристол Сити» — «Манчестер Юнайтед»
Изоҳ (0)