Тошкент шаҳрида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Тошкент ва Сирдарё вилоятидан келиб, у ерда ўзларига белгиланган жазодан қочиб юрган икки кишини ушлади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ маълум қилди.
«Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган ‘Тозалаш-антитеррор’ тадбири давомида 1972 йилда туғилган Мухамедов Бехзод Озодович ва 1989 йилда туғилган Ирисметов Нуриддин Фазлиддиновичлар дайдиликда гумонланиб Тошкент шаҳар ИИББ Реабилитация марказига олиб келинган», — дейилади хабарномада.
Б.О. Мухамедов текширилган вақтда, у муқаддам ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми (фирибгарлик) билан судланганлиги ва жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Олмалиқ туман судининг ажримига асосан, унга нисбатан ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланганлиги, бироқ Б.О. Мухамедов жазони ўташдан бўйин товлаб, рўйхатдаги манзилида яшамасдан, Тошкент шаҳри ҳудудида юрганлиги аниқланган.
Шунингдек, Н.Ф. Ирисметов текширилган вақтда, у муқаддам ЖКнинг 168-моддаси 1-қисми (фирибгарлик) билан судланганлиги ва жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти, Сардоба туман судининг ажримига асосан унга нисбатан ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланганлиги, бироқ Н.Ф. Ирисметов жазони ўташдан бўйин товлаб, Тошкент шаҳри ҳудудида юрганлиги аниқланган.
Ҳозирда уларнинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.
Изоҳ (0)