АҚШ вице-президенти Майкл Пенс солиқ ислоҳоти бўйича овоз бериш чоғида Америка Конгресси Сенати мажлисида қатнашиш зарурати туфайли Миср ва Исроилга ташрифини январь ойи бошига кўчирди. Бу ҳақда 18 декабрь, душанба куни Оқ уй вакили журналистларга маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
«Солиқлар бўйича овоз бериш муаммоли бўлмаслиги керак, бироқ биз ҳеч нарсани истисно эта олмаймиз», — дейди у. Эндиликда Пенс ташрифини 15 январдан бошланувчи ҳафтада амалга ошириши кутилмоқда. Дастлаб Пенс мазкур ҳафта бошида жўнаб кетиши режалаштирилган эди. Унинг сафари ҳақида президент Дональд Трамп Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олиш ҳақида эълон қилган пайтда маълум қилган эди.
Пенс конституция бўйича Америка Сенати раиси ҳисобланади. У ёки бу қонун лойиҳасини қабул қилишда овозлар тенг тақсимланса, у қўшимча овоз бериб, ташаббусни қўллаб-қувватлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин.
Аввалроқ Трамп солиқ ислоҳоти йил якунига қадар қабул қилиниши кераклиги ҳақида маълум қилган эди. 19 декабрь, сешанба куни қонун лойиҳаси Вакиллик палатаси томонидан кўриб чиқилиши, шундан сўнг Сенатга тақдим этилиши лозим.
Изоҳ (0)