Имконияти чекланган ёш футзалчилардан тузилган Ўзбекистон терма жамоаси Жаҳон Чемпионатида зафар қучгани учун тақдирланди. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати хабар берди.
Заиф эшитувчи спортчилардан ташкил топган жамоа Таиланд мезбонлигида ўтган World Deaf Futsal Championship мусобақасида барча рақибларини енгишга муваффақ бўлганди. Бунда жамоага 18 ёшгача бўлган футзалчилар жалб қилинганди.
ЎФФ ўзининг мажлислар залига қаҳрамон спортчилар, уларнинг мураббийлари ва яқинларини йиғиб, эсдалик совғалар топширган. Жаҳон Чемпионатида юксак ғалабага эришиб, ватанимиз байроғини баланд кўтарган футзалчилар ва мураббийларга ЎФФ президенти номидан вице-президент Шоакром Исроилов эсдалик совғалар улашди, деб ёзилган хабарда.
Ўзбекистонлик футзалчилар гуруҳ босқичида кетма-кет уч ғалабага эришганди: Швеция 5:3, Индонезия 17:2 ва Кувайт 9:2. Улар ярим финалда турнир фаворити сифатида эътироф этилган Россиядан устун келди — 3:2. Финалда эса Швеция устидан яна бир марта зафар қучилди — 4:2. Қуйида терма жамоа таркиби келтириб ўтилган.
Ўзбекистон U18
- Миразамат Обидов
- Хўжамурод Норхўжаев
- Рустам Ғоипов
- Жалолиддин Собитбеков
- Жалолиддин Қаршиев
- Фаррух Абдуллаев
- Даврон Шарофуддинов
- Акобир Шокиржонов
- Хабибулло Толибов
- Мирзабек Икромов
Мусобақа давомида энг яхши дарвозабон ва энг яхши тўпурар совринлари ҳам ўзбекистонлик спортчиларга насиб қилган.
Изоҳ (0)