Руминия ва Польшадаги АҚШ ракетага қарши мудофаа комплекслари — Aegis Аshorе, қанотли ракеталар — Tomahawk’ни учиришга қодир эмас. Бу ҳақда 13 декабрь, чоршанба куни Пентагоннинг ракетага қарши мудофаа бўйича директор ўринбосари контр-адмирал Жон Хилл маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
Tomahawk’ни Aegis Аshorе комплекси парвоз қурилмасидан учириш мумкин-мумкин эмаслиги ҳақидаги саволга у «Йўқ» деб жавоб қайтарди.
«Улар қанотли ракеталар парвозини амалга оширишга қодир эмас», — деди у ва уларда назорат тизимлари бутунлай бошқача эканлигига аниқлик киритди. Контр-адмиралнинг сўзларига қараганда, бу комплекслар Россияга таҳдид қилмайди.
АҚШ Европа ракетага қарши мудофаа тизимларини яратишнинг босқичма-босқич режасини амалга ошира бориб, Руминиянинг Девеселу ҳудудида М-3 ракетага қарши мобил батареяларини жойлаштирди. Польшанинг Редзиково аҳоли пунктида ҳам худди шундай базани жойлаштириш ишлари кетмоқда.
Россия Федерацияси ТИВ Aegis Аshorе’нинг Шарқий Европа мамлакатларида жойлаштирилиши Вашингтон томонидан Ўрта ва кичик узоқликдаги ракеталар бўйича келишув мажбуриятларини бузиш эканлигини бир неча марта маълум қилган эди.
Изоҳ (0)