Reuters агентлигининг икки журналисти Мьянманинг энг йирик шаҳри — Янгонда қўлга олинди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
Ҳукумат вакили Зау Хтай агентликка ушбу ахборотни тасдиқлади:
«Бу тўғри ахборот, улар қўлга олинди. Нафақат улар, балки ишга алоқадор полициячилар ҳам ушланди. Биз у полициячилар ва мухбирларга нисбатан чора кўрамиз».
У журналистлар нима сабабга кўра ушланганига аниқлик киритмади.
Frontier Myanmar нашрига кўра, полиция кечки пайт журналистларни тўхтатиб, уларни текширган. Мухбирлар ёнидан икки ҳарбий ҳисобот ҳамда мусулмонлар истиқомат қилувчи Ракхайн вилоятида жойлашган, ихтилоф давом этаётган аҳоли яшаш пунктининг харитасини топган.
Нашрга кўра, журналистлар ҳарбий ҳужжатларни ноқонуний сақлаганликда айбланмоқда. Бунинг учун улар 14 йилгача қамоқ жазосига ҳукм этилиши мумкин.
Бир неча ой илгари Мьянманинг Ракхайн вилоятида мусулмон озчилик — рохинжаларга қарши қирғин авж олган эди. Рохинжаларнинг кўпчилиги қўшни Бангладеш ҳудудига қочиб кетди. Вилоятнинг айрим ҳудудларида ихтилоф давом этмоқда.
Изоҳ (0)