Тармоқда Судан аскарлари Россия хусусий ҳарбий компанияси назорати остида шуғулланаётгани акс этган видео пайдо бўлди. Роликни Комсомольская правда газетаси мухбири Александр Коц ўзининг Kotsnews Telegram-каналида жойлаштирди.
Роликда уч нафар қуролли аскар саҳрода уйни штурм қилишни машқ қилаётганини кўриш мумкин. Кадр ортидаги овоз уларга араб тилида кўрсатма бериб турибди.
Ҳарбийлардан бири машғулот чоғида келгуси хонага кирганда улоқтириши лозим бўлган граната муляжини йўқотди. Шундан сўнг йўриқчи русчалаб сўкина бошлади.
Каналга кўра, Россия хусусий ҳарбий компанияси Саудиянинг Жидда шаҳри қаршисида, Порт-Судан шимолида жойлашган.