Ўзбекистон унга тегишли пансионатларни олиб қўйишга қарор қилган Қирғизистон устидан АҚШда халқаро арбитражга шикоят қилди. Бу ҳақда 12 декабрь куни Қирғизистон парламентининг иқтисодий ва фискал сиёсат қўмитаси йиғилишида маълум қилинди, деб хабар беради 1News.
Олдинроқ Қирғизистон бош вазири Темир Сариевнинг қарори билан 2016 йил апрелида Қирғизистон ҳудудида жойлашган, Ўзбекистонга қарашли бўлган тўрт пансионат — «Золотие пески», «Рохат НБУ», «Дилором» ва «Бостон» Қирғизистон юрисдиксиясига ўтказилган эди. Ўзбекистоннинг бу борадаги шикояти ҳозир АҚШда кўриб чиқилмоқда.
Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев Ўзбекистонга амалга оширган ташриф доирасида бу пансионатлар бўйича келишувга эришилган эди. Масалани ярашув билан ҳал этиш учун Қирғизистон ҳукумати ўзбекистонлик ҳамкасблари билан келишув имзоламоқчи. Ушбу ҳужжатга кўра, пансионат ерлари Қирғизистон мулки бўлиб қолади, ҳудуддаги мол-мулк эса Ўзбекистонга ўтказиб берилади. Ўзбекистон томони, ўз навбатида, пансионатларни 3–4 юлдузли даражага олиб чиқиш мажбуриятини зиммасига олади.
Ушбу келишувдан сўнг томонлар ярашув битимини имзолайди, шундан сўнг халқаро арбитраждаги баҳс ёпилади.