Бировларга ёқмасам-чи, деган хавотир ҳаётимизни жуда қийинлаштиради. Мақолада психологларнинг ушбу хавотирдан қутулиш йўллари ҳақидаги фикрларини келтириб ўтамиз.
Ўзингизни сиёҳнинг доғи деб тасаввур қилинг
Машҳур Роршах психологик тестини эсланг. Бу тестда инсон сиёҳ доғининг тасвирига қараб нимани кўраётганини ифодалаб бериши керак. Инсоннинг нимани кўрганлиги сиёҳ доғи ҳақида эмас, ўша инсоннинг ўзи ҳақида ахборот беради. Бировга ёқадиган хислат бошқа бировга ёқмаслиги мумкин. Энди ўзингизни сиёҳ доғи билан қиёслаб кўринг.
Бошқаларнинг сизни қандай қабул қилишлари, асосан улар билан қанчалик кўп умумий жиҳатларга эга бўлишингизга боғлиқ. Тадқиқотчиларнинг фикрича, бизга кўпроқ феъл-атвор жиҳатидан ўзимизга ўхшайдиган одамлар ёқар экан. Тажриба вақтида бу нарса айниқса ёқимсиз сифатларга эга бўлган одамларда ёрқин намоён бўлган. Масалан, жаҳлдор ва жиззаки одамлар ўзларига ўхшаган сифатларга эга бўлган одамларга ижобий баҳо беришган.
Эсингизда бўлсин, сиз ўзингизнинг хатти-ҳаракатларингизни бошқара оласиз, лекин асл феълингизни ва бировнинг танловини ўзгартира олмайсиз.
Сизга номаълум бўлган омиллар ҳақида ҳам ўйланг
Бошқаларнинг қандай фикрга келишлари нафақат сизнинг сифатларингизга, балки яна кўплаб омилларга ҳам боғлиқ. Ҳамма ўз ишлари ва ташвишларига қараб ҳар хил кайфиятда бўлади. Кимдир оғир меҳнатдан чарчаган бўлса, кимдир яқини билан уришиб кайфияти тушган, яна кимдир қилиниши керак бўлган ишларнинг кўплигидан боши оғриган ва ҳоказо. Ана шундай сизга номаълум бўлган омиллар суҳбатдошингизнинг сизга қандай жавоб қайтаришига катта таъсир кўрсатади ва бу нарса сизнинг шахсингизга боғлиқ эмас.
Фикрлашингиздаги хатоларни аниқлаб олинг
Кўпинча беихтиёр атрофдагилар биз ҳақимизда салбий фикрга эга, деб тасаввур қиламиз. Сиз қанчалик ҳақсиз? Бундай фикрга келишингизга сабаб нима? Шулар ҳақида яхшилаб ўйлаб кўринг.
Салбий ва нейтрал баҳонинг фарқини билинг
Ноаниқлик бизда сабрсизликни чақиради. Кимдир бизга дўстлик ёки душманлик белгиларини намоён этмаса, дарров салбий фикрга эга экан, деган хулосага келамиз. Бундай ҳолларда бизни ўраб турган дунё ҳақидаги тасаввурларимизга таянишимизга тўғри келади. Бу тасаввурингиз орасида «мени ҳар доим рад қилишади» деганга ўхшаган фикр жой олган бўлса, сизга ҳар бир вазият шундай туюлаверади.
Барибир кимгадир ёқмаслигингиз аниқ
Тасаввур қилинг, ер юзидаги 7 миллиард одамнинг ҳаммаси сизни танийди. Хўш, уларнинг ҳаммасига бирдай ёқасизми? Айтайлик уларнинг 70 фоизи сиз ҳақингизда яхши фикрга эга, қолган 20 фоизи эса сизни жуда ҳам ёқимли деб топишмайди. Демак, салкам 2 миллиард одам сизни ёқтирмайди, уларни сиз ҳаётингизда барибир учратишингизга тўғри келади.
Эсингизда бўлсин, ҳаётда барибир кимгадир ёқмаслигингиз тайин. Фақат буни хотиржам қабул қилиш ва олдинга қараб интилавериш керак.
Манба: «Woman.ru»