Дортмунднинг «Боруссия» клуби бош мураббий Петер Бошни истеъфога чиқарди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
Бош бошқарувида «Боруссия» Бундеслиганинг кетма-кет 8 ўйинида зафар қуча олмади ва турнир жадвалида айнан 8-ўринга тушиб кетди. Ваҳоланки, дортмундлик футболчилар мавсумни даҳшатли бошлаб, 7 та турда 6 та ғалаба ва 1 та дурангга эришганди.
Жамоанинг бу юриши «Бавария» раҳбариятини чўчитиб, улар италиялик Карло Анчелоттини истеъфога чиқарди ва унинг ўрнига Юпп Хайнкесни олиб келди. Хайнкес Бундеслигада қайта иш бошлаши билан эса, «Боруссия»дан омад юз ўгира бошлади. Ўтган мавсум вице-чемпиони «Лейпциг»дан қабул қилиб олинган уй мағлубиятидан кейин, Дортмунд клуби ўзини ўнглай олмади.
Қолаверса, «Боруссия» футболчилари Чемпионлар Лигасида ҳам шармандали натижа қайд этди. Мадриднинг «Реал» ва Лондоннинг «Тоттенҳэм» клублари билан рақобат ҳосил қилиши керак бўлган жамоа, уларга қарши умумий 4 та ўйинда ҳам имкониятни бой берди. Кипр клубини эса иккала ўйинда ҳам енга олмади.
Петер Бош ўтган мавсум Амстердамнинг «Аякс» клубини Чемпионлар Лигасининг финалига олиб чиқиб, кўпчиликнинг оғзига тушганди. «Аякс» футболчилари анча ёш бўлса-да, катта йўлни босиб ўтиб, финалда фақатгина «Манчестер Юнайтед»га имконият бой берганди. Аммо мутахассиснинг Германияда ишлари юришмади.
Энди мавсум якунига қадар «Боруссия»ни Петер Штёгер бошқариб боради. У яқинда «Кёльн» клубидан истеъфога чиққанди. Қизиғи шундаки, «Кёльн» кетма-кет 14 та ўйинда зафар қуча олмай, сўнгги ўринда бораётгани учун мазкур мутахассисга чиқиш эшикларини кўрсатиб қўйганди.
Изоҳ (0)