Фарғонанинг «Нефтчи» футбол клуби Ўзбекистон Олий Лигасининг 2017 йилги мавсумдаги тўпурари Марат Бикмаевдан камроқ гол урган, деб ёзди «Championat.asia» нашри.
Тўпурар Марат Бикмаев «Локомотив» сафида 26 та гол уришга муваффақ бўлди. Бунда кубок беллашувларида урилган голлар инобатга олинмаган. Шу тариқа Бикмаев «темирйўлчилар»нинг чемпион бўлишига катта ҳисса қўшди. У айни пайтда мавсумнинг энг яхши футболчиси бўлиш учун даъвогардир.
«Нефтчи» эса 30 та ўйинда иштирок этиб, 23 та гол урди. Вадим Абрамов жамоаси ПФЛ талаби бўйича Олий Лигани тарк этган бўлиб, айни пайтда фарғоналик мухлислар уни элитада олиб қолишни талаб қилмоқда. «Спорт» каналида чиқиш қилган ПФЛ бош директори Омон Ғофуров ҳам «Нефтчи» ҳозирча қуйи лигага тушиб кетмаганини таъкидлаганди.
Марат Бикмаев нафақат «Нефтчи»дан, балки Тошкентнинг «Обод» клубидан ҳам кўпроқ гол уришга эришган. ЎФФ «Обод»ни мавсум якунига 7 та тур қолганида четлаштирди. Бу вақт ичида жамоа 15 та гол уришга эришганди. Бу ўрта ҳисобда Олий Лиганинг энг ёмон кўрсаткичидир.
Қаршининг «Насаф» клуби шарафини ҳимоя қилган Драган Черан ҳам «Обод»дан кўпроқ гол уришга эришган — 19 та.
Изоҳ (0)