Футбол бўйича 2017 йилги мавсум ниҳоясига етгач, «Championat.asia» нашри Олий Лига клубларининг натижаларини, уларнинг Ёшлар Лигасидаги жамоалари билан қўшиб ҳисоблаб кўрди.
Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган Тошкентнинг «Локомотив» клуби Ёшлар Лигасига жиддий эътибор бермаганини кўриш мумкин. Оқибатда ёш «темирйўлчилар» турнир жадвалида 12-ўринни қўлга киритган. Ҳар икки таркиб натижаларини умумлаштирганда эса «Локомотив» кучли тўртликка илинган.
Мавсумни вице-чемпион сифатида якунлаган «Насаф» клубига ҳам Ёшлар Лигасидаги натижа бироз панд бериб, умумий рўйхатда «аждарлар» битта поғона шўнғиган. Тошкентнинг икки клуби — «Пахтакор» ва «Бунёдкор»да эса аксинча, кўтарилиш сезилган. «Шерлар» умумий рейтингда 119 очко жамғариб, барчани ортда қолдирди. «Бунёдкор» эса 112 очкога эга чиқди.
Ёшлар Лигасида Шуҳрат Мақсудов бошчилик қилаётган «Бунёдкор» 60 очко билан чемпион бўлганди. Ёш «пахтакорчилар» ҳам айнан шунча очко тўплаган. Бироқ ўзаро ўйинларда «Бунёдкор»нинг натижаси яхши бўлган. «Пахтакор» майдонида 2:0 ҳисобида зафар қучган Мақсудов жамоаси, ўз майдонида ҳам устун келган — 1:0.
Ёшлар Лигасида кучли тўртликни «Қўқон—1912» ва «Бухоро» клублари якунлагани диққатга сазовор.
Изоҳ (0)