Meduza ўзлари ташлаб кетган қизи билан 22 йилдан сўнг учрашган ота-она ҳақида ҳикоя қилади.
1995 йилда Хитойнинг Сучжоу шаҳрида қизалоқ — Цзинчжи дунёга келди. Туғруқ жараёни кимсасиз каналдаги сузувчи уйда ўтди: қизнинг ота-онаси ҳукумат бола ҳақида билишини истамади. Цзинчжи оиладаги иккинчи қиз эди, ўша вақтда Хитойда «битта оила — битта бола» сиёсати амал қилар эди. Камбағалларга биттадан ортиқ болага рухсат берилмас эди.
Қизалоқнинг отаси Сюй Лида уни маҳаллий бозорга олиб борди ва хат билан ташлаб кетди. «Қизимиз Цзинчжи 1995 йил ой календарининг еттинчи ойи 24-куни тонгги 10:00 да дунёга келди. Камбағаллик сабабли уни ташлаб кетишга мажбурмиз. Оҳ, оталар ва оналарнинг бахтсиз юраги! Жажжи қизалоғимизни қутқарганингиз ва унга ғамхўрлик қилганингиз учун раҳмат. Агар бир-биримиз учун яратилган бўлсак, фалак 10 ёки 20 йилдан кейин Ханчжоудаги Бузилган кўприкда Ҳакка байрами арафасида учрашишни насиб қилсин».
Мактубда Хитой фольклорига бир йўла икки ҳавола берилган. Ҳакка байрами чўпон ўз севгилиси билан учрашиши мумкин бўлган ягона кундир. У ой календарининг еттинчи ойи еттинчи кунида нишонланади. Бузилган кўприк оқ илон ҳақидаги поэмада бор — унда севишганлар илк бор учрашади.
Қизни 1996 йилнинг ёзида Мичигандан америкалик Полер оиласи асраб олди. Унга Кэтрин Су Полер деб исм беришди. Хитойда америкаликлар қизалоқ билан бирга унинг ота-онаси мактубини ҳам олди. Таржимон уни ўқиб бераётганда йиғлаб юборди.
Қиз икки акаси билан бирга улғайди. Асраб олган ота-онаси қизнинг ўзи сўрагунига қадар унга ўтмиш ҳақида ҳикоя қилмасликка қарор қилади.
Бола дунёга келгандан 10 йил ўтгач, Сюй Лида ва унинг рафиқаси Сянь Фэньсян Бузилган кўприкка йўл олади. Улар тонгдан кундузги тўртга қадар ташлаб кетилган қизлари исми ёзилган тахтача билан кўприкда туришди, бироқ ҳеч ким уларга яқинлашмади. Улар Полер оиласи дўсти Энни Вудан кўприкка бориб, учрашувга кимдир келиш-келмаслигини аниқлашни илтимос қилганидан бехабар эди. Ву тўртдан бироз кечроқ келади ва қиз ота-онасини кўра олмайди.
Энни Ву кўприкда суратга олиш гуруҳини кўриб қолади ва улардан қизнинг ота-онаси бўлиши мумкин бўлган икки кишини кўрган-кўрмаганлигини сўрайди. Журналистлар суратга олинган кадрни қайта кўздан кечириб, тахтача ушлаган икки кишини кўради. Журналистлар аёл нега бу одамларга қизиқиб қолганлигини билгандан сўнг бу воқеа маҳаллий сенсацияга айланди. Телеканал ходимлари Энни Вуга Цзинчжининг ота-онасини қидириб топишга кўмаклашди ва Энни уларга америкалик оила мактубини берди. Унда бир нечта сурат ва қизча Мичиганда яшаётгани ҳақида қисқа маълумот бор эди.
Шундан сўнг Полер оиласи Энни Вуга Кэтриннинг биологик ота-онаси билан мулоқот қилишни тўхтатишни айтди. Улар эса, ўз навбатида, қизлари асраб олган ота-онасини саволга тутиб, охир-оқибат Хитойга келишига умид қилиб, ҳар йили кўприкка кела бошлади. Бу воқеага ҳужжатшунос Чан Чанфу қизиқиб қолди. У хитойлик оилага америкаликларни қидириб топишга уриниб кўришни таклиф қилди ва у мактубдаги жуда оз маълумотга қарамасдан бунга эришди. У қўшимча маълумотни асраб олувчи оилалар форумидан топди. У америкалик оила билан боғланганда, улар яна қизга биологик ота-онаси ҳақида ўзи сўрамагунча айтишдан бош тортди.
2016 йилда 21 ёшли Кэтрин Полер Испанияга ўқишга жўнашга тайёрлана бошлади. У ота-онасига у ерда унинг америка-хитойча келиб чиқишига қизиқишлари мумкинлигини айтиб, ўтмиши ҳақида сўзлаб беришни сўради. Кэтриннинг сўзларига қараганда, бу пайтда у асранди эканлигидан хабардор бўлган. Онаси унинг ҳақиқий ота-онаси ким эканлигини билишини маълум қилди. Кэтриннинг ҳикоя қилишича, у шокка тушган ва асраб олган ота-онасининг жимлигини хиёнат сифатида қабул қилган.
Кэтрин Полер биологик ота-онаси билан имкон борича тезроқ учрашишга қарор қилди. У ҳужжатшунос Чан Чанфунинг бу ушрашув унинг фильми бир қисми бўлишига розилик билдирди. Улар дастлаб уни қолдириб кетишган бозорни суратга олиш учун қиз дунёга келган Сучжоу шаҳрига йўл олди. Биологик ота-онаси бу ҳақда ҳеч нарса билмаслиги ва одатга кўра Ҳакка байрамида кўприкка келиши керак эди. Бироқ Полер оиласининг дўсти Энни Ву уларни қизининг келиши ҳақида огоҳлантирди ва улар Сучжоуга етиб келди. Драматик лаҳзани бузиб қўймаслик учун уларга қизи билан учрашиш имкони берилмади.
Ниҳоят, 2017 йилнинг августида — 22 йилдан сўнг Сюй Лида ва Сянь Фэньсян ўз қизини Ҳакка байрамида Бузилган кўприкда учратди, деярли мактубда келишилгандек. Сюй Лида ҳўнграб йиғларди.
Кэтрин биологик ота-онаси билан икки кунни ўтказди, опаси билан бир хонада яшади. «Уларни кўриш ёқимли эди. Хитойлик онамнинг эмоционаллигидан ҳайратга тушдим, — ҳикоя қилади Кэтрин. — У биринчи навбатда менга ‘Жуда озғинсан, кўпроқ ейишинг керак’ деди».
Сюй Лида ва Сянь Фэньсян Америкада ота-она исми билан чақирилгани сабабли Кэтрин уларни она ва ота демаганидан хафа бўлди. «Ахир бу тўғрими?», — ҳайратга тушади Сюй Лида.
Кэтрин Полер Хитойга боргунга қадар хитойлик эканлигини фақат жисмонан ҳис қилганлигини тан олади. «Энди бу ҳиссиёт чуқурлашди. Туғилган жойимга яқинроқ бўлганим яхши. Бироқ мен улғайган жойимга хосман, Осиёга хослик менда кўп эмас», — дейди Кэтрин.
«Уларни яна кўриш, алоқада бўлишни истардим. Бироқ катта савол бор: улар мен учун ким? Ҳатто уларни қандай аташни билмайман», — дейди Кэтрин.
Изоҳ (0)