Таиланд жанубида 25 ноябрдан буён давом этаётган сув тошқини оқибатида камида 15 киши қурбон бўлди. Бу ҳақда 6 декабрь куни Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш департаменти маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
Тўхтамаётган ёмғирлар натижасида саккиз жанубий провинция ҳудудида сув сатҳи баъзи жойларда 1,5—2 метрга кўтарилди. «Сув тошқинидан 1,1 миллиондан ортиқ одам жабрланди, йўллар ва кўприклар вайрон бўлган, қишлоқ хўжалик экинларини сув босган», — дейди департамент раҳбари Чатчай Промлерт. Табиий офат ҳозирча қиролликнинг асосий курортларига етиб бормаган.
Армия табиий офат ҳудудларига ёрдам кўрсатишга қўшилди.
The Nation газетасининг маълум қилишича, 5 декабрь куни Накхонситхаммарат провинциясида сув оқими маҳаллий трассада 50 га яқин йўловчини олиб кетаётган автобусни оқизиб кетди. Икки киши ҳамон бедарак йўқолганлар сифатида қайд этилмоқда.
Изоҳ (0)