Пентагон кассета бомбаларини йўқ қилишни тўхтатиб, зарурат юзага келган тақдирда уларни қўллаш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади. Бу ҳақда Jane’s 360 хабар бермоқда.
Нашрнинг таъкидлашича, америкалик ҳарбийлар Пентагон мос келувчи муқобилини топгунга қадар кассета бомбаларидан фойдаланишда давом этади. Ҳозирги пайтда АҚШдаги энг оммабоп кассета қуроли GMLRS (Guided Multiple Launch Rocket System)дир.
2008 йилда тайёрланган кассета ўқ-дорилар захираси бўйича конвенцияни ҳозирги пайтга келиб юзга яқин мамлакат имзолаган. Келишув қурол-яроғнинг тегишли турини ўн йил давомида йўқ қилишни кўзда тутади.
Хитой, Шимолий Корея, Россия ва АҚШ конвенцияга расман қўшилмаган. Бироқ Қўшма Штатлар уларда мавжуд кассета бомбаларини аста-секин йўқ қилишни бошлаган эди. АҚШ 2019 йилга келиб ушбу қуролдан тўлиқ халос бўлиши керак эди.
Бомба кассетаси ўнлаб кичикроқ бомба элементини ўз ичига олувчи контейнер снаряддир.
Изоҳ (0)