Монтеллонинг истеъфоси сабаб «Милан» клубини вақтинча бошқариб турган Женнаро Гаттузо ва италиялик журналистлар билан рўй берган қизиқарли ҳолат ижтимоий тармоқларда машҳурликка эришди.
«Sports.ru» нашрининг ёзишича, бошловчилар Стефано Корти ҳамда Алессандро Оннис собиқ футболчи билан ҳазиллашмоқчи бўлиб, унга хитойчадан таржима қилганда «Олға, ‘Милан’» маъносини берувчи жумлани такрорлашни сўраган. Гаттузо бу ишни қойилмақом тарзда уддалади ва жумлани бир неча бор такрорлади.
Кейинроқ журналистлар асосий мақсадга ўтиб, бу сўзлар аслида «Олға, ‘Интер’» дея таржима қилиниши ҳақида айтган. «Милан» афсоналаридан бири бўлган Гаттузо, табиийки, алданганини тушунди ва бошловчиларни шапатилаб қўйди.
Гаттузо бошқарувида «Милан» ўзининг биринчи учрашувини А сериянинг сўнгги поғонасида бораётган «Беневенто»га қарши ўтказиб, 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаганди.
Изоҳ (0)