The Money икки кишилик таътилни 3500 доллар эвазига мароқли ўтказиш мумкин бўлган АҚШдаги ғаройиб масканларнинг рўйхатини тузиб чиқди, деб хабар берди Forum Daily.
Bristlecone Pines — Калифорния штати
Икки киши учун бир ҳафталик сафарга умумий миқдорда 2 548 доллар сарфланади.
Мафусаил дарахти деб аталувчи дунёдаги энг қадимий қарағайнинг ёши 4800 га тенг. Ушбу табиат мўъжизаси Бишоп шаҳридан бир соатлик узоқликдаги йўлда жойлашган бўлиб, уни томоша қилиш учун ҳар йили кўплаб туристлар ташриф буюради.
Катта каньон — Аризона штати
Икки киши учун бир ҳафталик сафарга умумий миқдорда 2 763 доллар сарфланади.
Бу ернинг юзлаб суратларини томоша қилгандан кўра, бир марта бориб кўрган афзал. Каньонга қиш фаслида — ҳаво совуқ бироқ қуёш етарли даражада қиздирадиган вақтда ташриф буюрган маъқул.
Йосемити миллий боғи — Калифорния штати
Икки киши учун бир ҳафталик сафарга умумий миқдорда 2 289 доллар сарфланади.
Йосемити миллий боғи — саргузаштга қизиқувчилар учун ажойиб маскан. Боғнинг ҳудуди 3027 квадрат километрга тенг. Эль-Капитан тоғининг шарқида Шимолий Америкадаги энг баланд Йосемити шаршараси жойлашган.
Катта призма шаклидаги булоқ — Вайоминг штати
Икки киши учун бир ҳафталик сафарга умумий миқдорда 3 313 доллар сарфланади.
Катта призма шаклидаги булоқ — катталиги бўйича дунёда учинчи ўринда туради. Унинг диаметри 91 метрни, чуқурлиги эса 49 метрни ташкил этади. Булоқ сувининг ўртача ҳарорати Цельсий бўйича +71 даражага тенг.
Призма биринчи навбатда ўзининг ўлчами билан эмас, балки рангли эканлиги билан кўпчиликни ҳайратлантиради. Шу сабабли ҳам булоқ «призма» деб аталади — у камалакнинг барча рангларини ўзида жилолантиради.
Менденхолл музлиги — Аляска штати
Икки киши учун бир ҳафталик сафарга умумий миқдорда 3 458 доллар сарфланади.
Менденхолл водийсида жойлашган музликнинг узунлиги 19 километрга тенг бўлиб, Жуно шаҳридан 19 километр нарида жойлашган (Алясканинг жануби-шарқи).
Музликдаги ғорларга етиб бориш учун Менденхолл кўли бўйлаб байдаркада сузиш керак, бу жуда мушкул иш ҳисобланади.
АҚШ ўрмончилик хизмати музликка бир киши бўлиб саёҳат қилиш жуда хавфли эканлигини таъкидлайди. У ерга 349 доллар турадиган турлар ташкиллаштирилади.
Изоҳ (0)