«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази «Фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Президенти тўғрисида» мавзуида сўров ўтказди. Бу ҳақда «Дарё»га марказ вакиллари маълум қилди.
Жамоатчилик фикри сўрови 11 октябрдан 22 октябргача ўтказилди. Жами мамлакатнинг барча минтақаларидаги 18 ёш ва ундан катта 1100 нафар киши сўралди, уларнинг 49,1 фоизи эркаклар ва 50,9 фоизи хотин-қизлардир.
«Сиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимидаги фаолиятини қандай баҳолайсиз?» деган саволга 89,3 фоиз респондент ижобий жавоб берди. 10,1 фоизи «кўпроқ ижобий» эканлигини маълум қилди, 0,6 фоизи жавоб беришга қийналди.
«Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан ўтказилаётган сиёсат Сизнинг орзу ва умидларингизни қай даражада оқлади?» саволига жавоб бераркан, иштирокчиларнинг 90,2 фоизи «тўла даражада», 7,6 фоизи «ўрта даражада» оқлаганини айтди, 1 фоизи оқламаганини маълум қилди, 1,2 фоизи аниқ жавоб бермади.
«Сиз Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевга қай даражада ишонасиз?» деган саволга 93,1 фоиз респондент «тўла даражада ишонаман» дея жавоб берди. Сўралганларнинг 4,3 фоизи Президентга қисман ишонишини маълум қилди, 4,2 фоизи аниқ жавоб беришга қийналди.
Изоҳ (0)