Вазирлар Маҳкамаси таркибида иккита янги бош вазир ўринбосари лавозимлари жорий этилди. Бу ҳақдаги қарор 27 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти томонидан имзоланган, дея хабар бермоқда «Газета.uz» ҳукуматдаги манбаларга асосланиб. Шундай қилиб, бош вазир ўринбосарлари сони, биринчи ўринбосарни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, олтидан саккизтагача кўпайди.

Фото: «Газета.uz»

Суҳроб Холмуродов Ўзбекистон бош вазири ўринбосари — Инвестициялар, инновацион ривожланиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш, туризм масалалари комплекси раҳбари этиб тайинланди. Холмуродов 2017 йил мартидан бери Ўзбекистон Миллий банкига раҳбарлик қилиб келаётган эди. Комплекс раҳбари янги ташкил этиладиган Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш фонди фаолиятини ҳам тартибга солади.

Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров Молия вазирлиги раҳбарига айланди, ўз навбатида унинг ҳукуматдаги лавозими бош вазир ўринбосари — молия вазири — Макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаштириш, молия ва банк тизимларини ислоҳ қилиш, хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш масалалари комплекси раҳбари бўлиб ўзгарди.

Молия вазирлигининг аввалги раҳбари Ботир Хўжаев иқтисодиёт вазирига айланди, у ушбу лавозимда вазирликни 2011 йилдан бери бошқариб берган Галина Саидованинг ўрнини эгаллади.

Бундан ташқари, бош вазир ўринбосари — Таълим, соғлиқни сақлаш, экология, атроф-муҳит муҳофазаси, жисмоний тарбия ва спорт масалалари комплекси раҳбари лавозими жорий этилган. Бунгача мазкур масалалар бевосита бош вазир назоратида эди. Ҳозирча бу лавозимга ким тайинлангани ҳақида ахборот йўқ.

Нодир Отажонов («Ўзагротехсаноатхолдинг» бошқаруви раиси) ва Зойир Мирзаев (қишлоқ ва сув хўжалиги вазири) раҳбарлик қилган комплекслар номи, мос равишда, Ташқи савдо фаолияти, экспорт салоҳияти, машинасозлик, автомобилсозлик, электротехника, мудофаа, пахтани қайта ишлаш ва енгил саноатни ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари комплекси ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари комплекси деб ўзгартирилди. Номи зикр этилган биринчи комплекс янги ташкил этиладиган Ўзбекистон Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси фаолиятини тартибга солади.