Туркия АҚШ Сурия курдларини қўллаб-қувватлашни тўхтатишини кутмоқда. Бу ҳақда Туркия бош вазири Биноли Йилдирим баёнот берди, деб хабар қилади «РИА Новости».
У Вашингтон Сурия курдлари мудофаа кучларига (YPG) ёрдам жўнатишни тўхтатиб, минтақадаги «асл ҳамкорлар» билан биргаликдаги фаолиятни қайта тиклашига умид билдирди.
«АҚШ ИШИДга қарши курашда Курдистон ишчи партиясининг қариндоши YPG билан ҳамкорлик ўрнатиб нотўғри иш қилганини бошидан айтиб келяпмиз. Дўстимиз ва иттифоқчимиз бу зарурлигини айтиб келди. Энди у фикридан қайтади деган умиддамиз», — деди Йилдирим.
Ўз навбатида, Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли 24 ноябрь куни бўлиб ўтган телефон суҳбатида АҚШ президенти Дональд Трамп туркиялик ҳамкасби Ражаб Тоййиб Эрдўғонни курдларга қурол-яроғ етказиб берилиши тўхтатилишига ишонтирганини билдириб ўтди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)