Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қозоғистонлик ҳамкасби Нурсултон Назарбоев, шунингдек, Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президентнинг расмий сайти орқали маълум қилинди.
Қозоғистон раҳбари билан суҳбатда томонлар Ўзбекистон – Қозоғистон муносабатларининг муҳим масалалари, сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳалардаги ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш истиқболлари юзасидан фикр алмашди.
Давлат раҳбарлари дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 25 йил тўлган жорий йил аниқ амалий мазмунга бой бўлгани ҳамда икки томонлама муносабатларни сезиларли даражада мустаҳкамлаш, янги, сифат жиҳатидан янада юқори босқичга кўтариш имконини берганини алоҳида таъкидлади.
Давлат раҳбарлари ҳамкорлик бўйича режалаштирилган, аввало, иқтисодиёт соҳасидаги дастур ва лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш мақсадида биргаликда янада фаол ҳаракат қилиш муҳимлигини таъкидлади. Томонлар ташқи сиёсат ва етакчи халқаро ташкилотлар доирасида ҳам самарали ҳамкорлик амалга оширилаётганини мамнуният билан қайд этди.
Алмазбек Атамбаев билан суҳбатда Ўзбекистон Президенти ўзининг Қирғизистон Республикасининг юксак давлат мукофоти — «Данакер» ордени билан тақдирлангани учун самимий миннатдорлик билдирди. Бу мамлакатлар ва қардош халқлар ўртасида дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари, самарали ҳамкорликни ривожлантиришда эришилган улкан муваффақиятлар эътирофи экани таъкидланди.
Суҳбатда якунига етаётган йил икки томонлама муносабатларда тўпланиб қолган кўплаб, жумладан, анча мураккаб масалаларни ҳал қилишда катта натижаларга эришиш имконини берган ҳамкорликни янги даражага олиб чиқишда муҳим аҳамиятга эга бўлгани таъкидланди. Ўзбекистон – Қирғизистон давлат чегаралари тўғрисидаги шартнома имзоланганининг тарихий аҳамияти алоҳида қайд этилди.
Изоҳ (0)