Чемпионлар Лигасининг 5-туридан кейин АПЛ клубларининг гегемонлиги давом этадиган бўлди. Турнирда энг кўп жамоа Англиядан бўлиб, 5 та клубнинг барчаси ўз гуруҳида пешқадам бўлиб турибди.
Мазкур турни Озарбайжонда «Қорабоғ»га қарши ўтказган «Челси» йирик ғалабага эришди — 4:0. Беллашувнинг 19-дақиқасидаёқ мезбонлар майдонда бир киши кам қолди ва етмаганига, уларнинг дарвозаси томон пенальти тайин қилинди. Шундан кейин Конте жамоасини тўхтатиб қолишнинг имкони бўлмади.
Мадридда кечган «Атлетико» ва «Рома» клублари ўртасидаги беллашувда эса мезбонларнинг қўли баланд келди. Франциялик ҳужумчи Антуан Гризманн шу куни Чемпионлар Лигасининг жорий мавсумдаги энг чиройли голларидан бирини урди.
Шунга қарамай, Мадрид етакчиси навбатдаги босқичга йўл олиш борасида кам имкониятга эга. Диего Симеоне бошқараётган клуб 5 декабрь куни «Челси» майдонига ташриф буюради. «Рома» эса ўз майдонида «Қорабоғ»ни қабул қилади. Мазкур гуруҳ масаласи «Атлетико» озар клубини енга олмагани ва «Рома» Лондон етакчисидан жами 4 очко юлиб олганидаёқ ҳал бўлиб улгургандек.
Европа Чемпионлар Лигаси «C» гуруҳи. 5-тур ўйинлари 22 ноябрь, чоршанба
Изоҳ (0)