Фарер архипелаги таркибига кирувчи, майдони 0,8 квадрат километрга тенг Луйтла-Дуймун ороли ҳеч қачон одамлар билан тўлиб тошмаган: у ерда ресусрлар жуда кам. 414 метрли тепаликнинг қияликлари тўғри совуқ тўлқинларга бориб туташади, деб хабар берди National Geographic.
Луйтла-Дуймун скандинавияликларга ўрта асрлардаёқ маълум бўлган. 1852 йилга қадар у Дания қироллигига тегишли бўлган ва кейинчалик қўшни Сувурой оролларининг аҳолисига сотиб юборилган.
Натижада оролда қачонлардир яшаган сут эмизувчиларнинг ягона тури йўқ бўлиб кетди: ёввойи қўйлар. Бугунги кунда Луйтла-Дуймун ўтлоқларида юрган қўйлар — хонакидир: фермерлар уларни илиқ мавсумларда олиб келишади.
Туризмнинг ривожланиши билан орол одамлар эътиборини кўпроқ жалб қила бошлади (у ерга ташриф буюриш қийинлигига қарамай). Фақатгина тинч об-ҳаво шароитида унинг қирғоқлари бўйлаб сайр қилиш, ундан кейин қўйларнинг эгалари томонидан тортилган арқонлар ёрдамида тепага тирмашиб чиқиш мумкин.
1918 йилда кимсасиз Луйтла-Дуймун ороли ўз қирғоқларида ҳалокатга учраган «Каспер» кемасининг олти нафар денгизчиси учун бошпанага айланган. Жамоа бир жуфт қўй ва қушларни ушлаб, сувуройликлар ёрдамга келгунига қадар 17 кун яшашга муваффақ бўлган.
Луйтла-Дуймунда уяли алоқа, электр таъминоти ва интернет бўлмаганлиги сабаб баъзида одамлар бу ерга сокинлик истаб ташриф буюради.
Изоҳ (0)