Тошкент шаҳар ҳокимияти делегацияси таркибида шаҳар ҳокими ўринбосари А. Тиллаев ва Чилонзор тумани ҳокими Д. Ҳидоятовлар 16–18 ноябрь кунлари Жанубий Корея пойтахти Сеул шаҳрида бир қатор музокара ва учрашувларни ўтказди. Бу ҳақда «Дарё»га Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати маълум қилди.
Жумладан, Сеул вице-мэри Чанг-беом Ким билан бўлиб ўтган учрашув якунларига кўра Сеул ва Тошкент шаҳарлари ҳокимликлари ўртасида туризм, спорт ва кенг қамровли ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланиши бўйича келишувга эришилди. Ҳамкорлик доирасида «Сувсоз» ДУКнинг ўн ходими 2018 йилда Сеул шаҳрига тажриба алмашиш ва малака оширишга юборилади.
Делегация LG CNS пудратчиси билан музокаралар ўтказди. Учрашув давомида Тошкент шаҳар жамоат транспортида замонавий бошқарув тизимини жорий этиш (TOPIS) лойиҳаси муҳокама этилди.
Шунингдек, Сеулнинг Чунг-гу ва Содемун округлари раҳбарлари билан икки шаҳарнинг туманлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг истиқболлари муҳокама марказида бўлди. Чилонзор тумани ва Содемун округлари ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик келишуви имзоланиши қайд этилди.
Делегация иссиқлик ишлаб чиқариш ва узатиш тажрибасини ўрганиш мақсадида Сеул шаҳридаги Korea District Heating Corp. корпорациясининг иссиқлик электр станциясига ҳам ташриф буюрди. Томонлар жорий йилнинг охирига қадар Тошкент шаҳар иссиқлик етказиш хизматининг беш ходими ушбу корпорацияда малака ошириши бўйича келишувга эришди.
Олдинроқ хабар берилганидек, ташриф давомида Yeoju Institute of Technology олий таълим масканининг филиалини Тошкентда очиш борасида келишиб олинди.
Навбатдаги учрашувни делегация Hyundai Department Store Group компанияси вакиллари билан ўтказди. Томонлар қурилиш соҳасидаги махсус техника воситаларининг бутловчи қисмлари ва қурилиш молларини етказиб берувчи 20 миллион доллар қийматдаги келишувга эришди. Компаниянинг директорлар кенгаши 18 ноябрь куни ушбу келишувга ўз розилигини билдирди.
Шунингдек, Geo 2 Kom. Ltd. компанияси вакиллари билан Тошкент шаҳрининг замонавий ахборот-коммуникацион кадастр тизими лойиҳасини амалга ошириш имкониятлари муҳокама этилди. 3–5 миллион долларга баҳоланган лойиҳа бўйича ўзаро келишув имзоланади.
Khil Pyung Co. Ltd. компанияси раҳбари билан учрашувда икки йил давомида 7 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритиш орқали Тошкент шаҳрида кўп функцияли турар-жой мажмуасини қурилиши юзасидан келишувга эришилди.
Daesung Celtic Enersys. ва Jeil Architecture компаниялари раҳбарлари билан ҳам муваффақиятли музокаралар ўтказилди. Учрашув давомида Тошкент шаҳар ҳокимияти билан ҳамкорликда газ иситиш мосламалари ва электр энергияни тежаш тизимини жорий этувчи корхона очиш бўйича келишув тайёрланди. Лойиҳанинг қиймати 2 миллион долларга баҳоланмоқда.
Jeil Construction компанияси раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашувда Тошкент вилоятининг беш ҳудудида энергиядан самарадор фойдаланувчи уйлардан иборат эко-шаҳарча қуриш лойиҳасини амалга ошириш келишуви муҳокама қилинди. Лойиҳанинг дастлабки қиймати 6 миллион доллар атрофида бўлиб, кореялик ҳамкорлар томонидан молиялаштирилади.
Келишувлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифи давомида имзоланади.
Изоҳ (0)