Тошкент мода ҳафталигининг бешинчи кунида Ёшлар ижод саройида Tashkent Fashion Performance намойиши бўлиб ўтди. Унда ташриф буюрганлар Италия, Франция, Корея, Россия, Қирғизистон ва Ўзбекистонлик дизайнерлар яратган либосларни кўришга муваффақ бўлди. Дастур қоидасига кўра ҳар бир дизайнер 11 тадан либос намойиш қилди, деб хабар беради MyDay.
Подиумга биринчи бўлиб Турин мода ҳафталиги иштирокчилари Анжела Варсано ва Моника Бруноларнинг коллекцияси намойиш этилди. Marc O`Polo модалар уйи, Versace, Ferre ва Valentino брендлари коллекцияларидан тақдим этилган тўпламда бош кийимлар, ҳарир оқшом либослари, ёрқин кундалик кийимлар, мўйналар, шифон блузалар, чарм шимлардан иборат 11 та либосни кўриш мумкин бўлди.
Сўнг подиумда Gaia Boldotti брендидан турфа хил бичимдаги оқ блузкаларни тақдим этган дизайнер Жулио Болдоттининг моделларини кўриш мумкин бўлди. У тақдим этган шифон, пахта ва синтетика матоларидан тикилган.
Яна бир италиялик модельер Marina Nekhaeva қора рангдаги асимметрик либослардан иборат тўпламни намойиш этди.
Ўзбек дизайнерларидан Дилором Мухамедиеванинг тўплами кечани давом эттирди. Дизайнер тақдим этган коллекциясида пастел ранглардаги майин бахмал ва нафис тўр матоларни уйғунлаштириб яратилган ҳарир либослар, бахмал комбинезонлар ва кўйлакларни тақдим этди.
Дизайнерлар Саидакром Максумов ва Гулчеҳрахон Аҳматоваларнинг коллекцияси муҳташам оқшом образларидан иборат бўлиб, қора рангдаги чарм ва нафис тўр матоларидан яратилган шимли ва юбкали костюмлар, кўйлаклар мунчоқлар билан безатилган.
Ўзбекистонлик ёш дизайнер Маҳлиё Аитбаева тўр матоларга чармдан геометрик аппликациялар қўшиб оқшом либослари, шимли костюмлар ва пиджаклар яратган.
Dilbar мода уйининг иккинчи тўплами кундалик тарздаги либослар бўлиб, унда тафта, бахмал, адрас, пахта матоларидан яратилган юбка, пиджак, кўйлакларни кўриш мумкин эди.
Ўзбекистонлик дизайнерлар Шаҳноза Сатторова ва Умида Бобоқулова аёллар ва эркаклар учун дублёнкадан ишланган пальтоларни тақдим этдилар. Пальтоларга миллий нақшлардан безак берилган бўлиб, янада бетакрор кўриниш касб этган.
Дизайнер Наталья Ногай атлас, шифон матоларидан оқшом либосларини тақдим этди. Ҳар бир либосга соч учун аксессуар ва клатч ишлаб чиқилган бўлиб, образни янада тўлдирган. Мазкур коллекция учун Bukhara Brilliant Silk компанияси матоларидан фойдаланилган.
Bukhara Brilliant Silk компанияси матоларидан фойдаланган холда коллекция яратган яна бир дизайнерлар Анора Йўлдошева ва Шаҳрузабону Тоировалар адрас, шойи, бахмал, атлас матоларидан кечки либослар, шимли костюмлар, пиджаклар тақдим этди.
Дизайнер Раъно Исроилова тўкилиб турадиган бичимдаги либослар билан бирга корсетли кўйлаклар ва шимларни тақдим этди. Дизайнер коллекциядаги либослар учун юқори сифатли бахмал, атлас, тўр матоларидан фойдаланган.
Италиядан Beltepa бренди бахмал, адрас, атлас каби ўзбек матоларидан яратилган либослар коллекциясини тақдим этди.
Изоҳ (0)