Ироқ ҳукумат қўшинлари мамлакат ғарбидаги Рава шаҳрини назоратга олди. Бу пункт мудофаа вазирлиги томонидан ИШИДнинг Ироқдаги охирги таянч нуқтаси деб аталди. Мамлакат мудофаа вазири Ирфон Маҳмуд ал-Хайёлий бош вазир Ҳайдар ал-Абадийни шаҳар озод қилингани билан табриклади, деб хабар қилади «РБК».
Идора вакиллари Ироқ ҳарбийлари кўрсатган жасурликни алоҳида таъкидлаб, жароҳатланганлар тез муддатда оёққа туришига умид билдирди.
Армия Равага ҳужумни 11 ноябрь куни бошлаган эди. Шаҳар Фрот дарёсининг чап қирғоғида, Ироқ ва Сурия чегарасида жойлашган. Жангарилар шаҳарни 2014 йили эгаллаган эди.
3 ноябрь куни Ироқ ва Сурия чегараси яқинида жойлашган яна бир шаҳар — ал-Қоим террорчилардан тозаланган эди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)