2017 йил 11 августдаги ПҚ-3200-сон «Ички ишлар органларининг озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлган жазоларни ижро этиш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг 11 ноябрдаги 904-сон қарори билан 2018–2024 йилларда жазони ижро этиш муассасалари фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди. Бу ҳақда Norma хабар бермоқда.
Дастур қуйидагиларни ўз ичига олади:
1. 2018–2022 йилларда жазони ижро этиш муассасалари ва уларнинг ташкилотлари ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш ва техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш чора-тадбирлари;
38 та жазони ижро этиш муассасаси бўйича 2018–2022 йилларда уларнинг ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш мақсадида 33 миллиард сўмга яқин сумма (шундан 2/3 қисми 2018–2019 йилларда) сарфланиши режалаштирилган. Амалга ошириладиган тадбирлар натижасида маҳкумлар учун 1317 та иш ўрни очилиши, 1–2-сменада 2200 нафар маҳкум учун қўшимча иш ўринлари очилиши назарда тутилмоқда.
2. Жазони ижро этиш муассасаларининг бюджет маблағлари ҳисобига қопланадиган коммунал харажатларини босқичма-босқич ишлаб чиқариш маблағлари ҳисобига қоплаш бўйича 2019–2024 йилларга мўлжалланган прогноз режаси;
3. Жазони ижро этиш муассасаларининг харажатларини босқичма-босқич ишлаб чиқариш маблағлари ҳисобига қоплаш бўйича 2020–2024 йилларга мўлжалланган прогноз режаси (бешта жазони ижро этиш муассасаси бўйича).
Шунингдек, ҳужжатда 77 номдаги жазони ижро этиш муассасалари ва уларнинг ташкилотларида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар рўйхати келтирилган.
Ҳужжат 14 ноябрдан кучга кирди.
Изоҳ (0)