Ўзбекистон тарихи давлат музейида Ўзбекистон Конституциясининг яратилиши тарихига бағишланган архив ҳужжатлари кўргазмаси очилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Кўргазма Олий Мажлис палаталари томонидан Ўзбекистон Конституциявий суди, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги, «Ўзбеккино» миллий агентлиги, Ўзбекистон тарихи давлат музейи ҳамкорлигида ташкил этилди.
Кўргазманинг очилишида Сенат аъзолари, депутатлар, судьялар, архив ходимлари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ва талабалар иштирок этди. Сенат раисининг ўринбосари С. Ортиқова, Конституциявий суд раиси Б. Мирбобоев ва бошқалар очилиш маросимида чиқиш қилди.
Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллиги муносабати билан ташкил этилган кўргазма экспозициясида Бош қомус тарихига оид ҳужжатларнинг асл нусхалари, Конституция лойиҳасини тайёрлаш жараёнига оид тарихий ҳужжатлар, Ислом Каримов томонидан Конституция лойиҳаси матнларига қўлёзма тарзида киритган тузатишлари жой олган. Бундан ташқари, вазирликлар, давлат қўмиталари, суд ва прокуратура органлари, ёзувчилар, олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари, имом-хатиблар томонидан Конституция лойиҳаси юзасидан йўллаган таклиф ва мулоҳазалари ҳамда халқнинг Конституция лойиҳасини муҳокама қилиш жараёнидаги иштирокига оид материаллар жойлаштирилган. Кўргазмада Конституциямизнинг ўзбек, рус ва инглиз ҳамда бошқа тиллардаги илк босма матнлари нусхалари ҳам намойиш этилмоқда.
Тадбирда Конституциянинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўз юритилди, Конституция қабул қилиниши тарихига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Изоҳ (0)