Марказий банк раисининг ўринбосари Шуҳрат Отабоев охирги ярим йилда тижорат банклари катта миқдорда автокредитлар берганини, аммо аҳолининг тўлов қобилияти пастлиги боис кўрсаткичлар тушиб кетганини маълум қилди.
«Марказий банк автокредит беришни тақиқлаш бўйича ҳеч қандай норматив актлар чиқаргани йўқ, тижорат банклари кредитларни ўз молиявий имкониятлари ва таҳдидларга қараб беради», — унинг сўзларини келтиради «Kommersant.uz».
«Тадқиқотларимизга кўра, банклар авто учун кредит беришни харидорлар тўлов қобилиятининг пастлиги туфайли камайтирди. Қайтиш кўрсаткичлари пастлиги биринчи ойлардаёқ аниқланди», — деди Отабоев.
«Битта автомобиль нархи ўртача 80 миллион сўм бўлса, уч йиллик рассрочка билан ойлик тўлов 3 миллион сўмни ташкил этади. Мамлакатдаги ўртача маош бу суммага тўғри келмайди», — қўшимча қилди у.
Шунингдек, Отабоев жорий йилда банклар 15 минг талабага 75 миллиард сўм миқдорида таълим кредитлари берганини қўшимча қилиб ўтди. Бундай кредитлар қўшимча шартнома асосида қабул қилинганларга яна ўша сабаб — маблағ қайтишининг ушланиб қолиши туфайли берилмаяпти.
Изоҳ (0)