АҚШнинг электроника ишлаб чиқарувчи Qualcomm компанияси рақиби — Broadcom компаниясининг таклифини қабул қилмади. Келишувнинг умумий қиймати 130 миллиард долларни ташкил қилиши лозим эди, деб хабар беради «РБК» Financial Times нашрига асосланиб.
Broadcom Qualcomm’ни сотиб олиш таклифи билан чиққан эди. У компаниянинг ҳар бир акциясини 70 долларга баҳолади. Шунда акцияларнинг умумий қиймати 103 миллиард долларни ташкил этиши лозим эди.
Бундан ташқари, компания Qualcomm’нинг 25 миллиард доллар миқдоридаги қарзини ўз зиммасига олишга тайёр эди. Бу келишувдан сўнг Broadcom жаҳон бозоридаги асосий чип етказувчи бўлиши мумкин эди. Компания электроникаси 2017 йили 1,5 миллиард смартфонга ўрнатилди.
Аммо Qualcomm раҳбарияти рақобатчилари паст нарх таклиф қилди деган қарорга келди.
«Молиявий ва юридик маслаҳатчиларимиз ёрдамида таклифни ҳар томонлама ўрганиб чиқиб, кенгаш Broadcom таклифи Qualcomm учун жиддий тарзда паст нарх белгилаган деган қарорга келди», — дейилади компания директорлар кенгашига раислик қилувчи Том Хортоннинг баёнотида.
Изоҳ (0)