Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг йирик гидрообъектлардан бири — Пском ГЭСни қуриш бўйича лойиҳалаштириш ва тадқиқот ишларини бошлади. Бу ҳақда 1News хабар бермоқда.
«Ўзбекгидроэнерго»га кўра, янги ГЭС Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Пском дарёсида жойлашади. Қуввати бўйича у Ўзбекистонда Чорвоқ ГЭСдан кейин иккинчи ўринда бўлади ҳамда минтақада шу турдаги энг йирик иншоотлардан бирига айланади.
Унинг қуввати 400 МВт, йиллик ўртача электр қуввати ишлаб чиқариш салоҳияти эса 900 миллион киловатт/соатга тенг бўлади.
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, лойиҳанинг умумий қиймати 800 миллион доллардан ошади. Маблағнинг катта қисмини Ўзбекистоннинг ўзи қоплайди.
Бундан ташқари, Хитой Эксимбанки томонидан 240 миллион доллар кредит жалб этиш режалаштирилмоқда.
Бугунги кунда объект барпо этиладиган жойда қурилиш штаби ташкил этилди, у ерда 400 га яқин мутахассис ишламоқда, лойиҳалаштириш ишлари ҳамда геологик изланишлар олиб борилмоқда. Пском дарёсининг чап қирғоғида умумқурилиш ишлари бошланди.
Янги станция нафақат Тошкент вилоятини электр билан таъминлаб, тизимга тушадиган юкни қисқартириш имкониятини беради, балки республика сув хўжалиги учун ҳам аҳамият касб этади. Хусусан, у аграр секторни сув билан таъминлайди.
Изоҳ (0)