АҚШ президенти Дональд Трампнинг Twitter’даги саҳифасига обуна бўлганларнинг кўпчилик қисми реал инсонлар бўлмай, бот эканлиги аниқланди. Бу ҳақда, TwitterAudit маълумотларига асосланиб, «Европейская правда» хабар бермоқда.
Ҳозир президентнинг 42,5 миллион обуначиси бор. Охирги бир йил ичида саҳифа аудиторияси 225 фоизга кўпайди. У ижтимоий тармоқда машҳурлик бўйича 21-ўринни эгаллаб турибди.
Маълум бўлишича, бу миқдорнинг 53 фоизини аслида ботлар ташкил этади. Яъни, реал инсонлар Трамп аудиториясининг нисбатан камроқ қисмидир.
Шунга қарамай, Трампнинг саҳифаси сиёсий рақиблари, шу жумладан, Ҳиллари Клинтоннинг саҳифасидан кўра машҳурроқ бўлиб қолмоқда. Шунингдек, у Миллий футбол лигаси ҳамда New York Times газетаси саҳифаларини ортда қолдириб кетди.
Прогнозларга кўра, ўн йилдан сўнг Трампнинг саҳифаси 297 миллион обуначига эга бўлиб, Обамадан ўзиб кетади. Айни пайтда Обамада 97 миллион обуначи бор, ўн йилдан сўнг бу кўрсаткич 218 миллион кишига етади.
Изоҳ (0)