Қозоғистоннинг Олмаота вилоятида гаровга олинган Ўзбекистон фуқароси озод қилинди. Бу ҳақда 1News хабар бермоқда.
Айтилишича, Или тумани полициясига 23 ёшли Ўзбекистон фуқароси мурожаат қилиб, номаълум шахслар унинг акасини олиб қочиб кетганини билдирган. Аниқланишича, у Қараой қишлоғида қурилиш бригадасига раҳбарлик қилаётган эди. Жиноятчилар ўзбекистонликни машинага ўтқизиб, номаълум томонга олиб кетгани аниқланди. Кейинчалик олиб қочилган эркакнинг укасига қўнғироқ қилиб, 350 минг тенге товон талаб қилишди.
Вилоят ички ишлар департаменти расмий вакили Кобейхан Нурахметга кўра, жиноятчилар тутқунни қўшни Қорасой туманидаги ижарага олинган хусусий уйда ушлаб тургани аниқланди.
Махсус операция давомида Ўзбекистон фуқароси озод қилинди. Бир муддатдан сўнг у қариндошларининг олдига қайтиб борди.
Маълум бўлишича, Жанубий Қозоғистон вилоятида истиқомат қилувчи 25–28 ёш орасидаги беш киши ушбу жиноятни содир этгани учун қўлга олинди. Уларга қарши учта модда бўйича жиноий иш очилди.
Изоҳ (0)