Тунис президенти мамлакатдаги фавқулодда ҳолат тартибини яна 3 ойга узайтириш ҳақида қарор қабул қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
«Ҳукумат раҳбари ва вакиллар палатаси раиси билан маслаҳатлашувлардан сўнг республика президенти фавқулодда ҳолат тартибини мамлакатнинг бутун ҳудудида яна 3 ойга узайтириш ҳақида қарор қабул қилди. Қарор 12 ноябрдан кучга киради», — дейилади давлат раҳбари девонхонаси баёнотида.
Қарор 12 октябрда бир ойга узайтирилган фавқулодда ҳолат тартиби муддати якунланганидан сўнг қабул қилинди.
Мазкур тартиб Тунисда 2015 йилдан бери амал қилиб келади. Ўша йили Сус вилоятидаги Ал-Кантауи курортида 40 кишини ҳаётдан олиб кетган теракт содир этилганди.