Хабарда вафот этганларнинг ёши келтирилмаган, бироқ улар «ёш қизалоқлар» деб таърифланган. Улар қийма кабоб тановул қилганидан сўнг, қорнида пайдо бўлган оғриқдан шикоят қилган. Оғриқ қолдирувчи дори истеъмолидан кейин эса уларнинг аҳволи оғирлашган.
«Улардан бирининг жони ‘тез ёрдам’ машинасида узилади. Қолган икки қизнинг ҳам аҳволи оғирлиги сабаб, улар юқумли касалликлар шифохонасига жўнатилган. Маълум бўлишича, улар ҳам бирин-кетин вафот этган», — деб ёзади интернет-нашр.
Қизларнинг айнан нима сабабдан вафот этгани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Улар дори ёки истеъмол қилинган таомдан заҳарлангани тахмин қилинмоқда. Хабар беришларича, Олмазор туман прокуратураси ҳолат юзасидан жиноят иши очган.
Мазкур ҳодиса юзасидан ҳозирча бирор расмий ахборот берилганича йўқ. «Kun.uz»нинг қайд этишича, Республика санитария-эпидемиология хизмати ходими бу иш бўйича маълумот беришдан бош тортган, Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса аниқ маълумот бермаган.