Хитой молия вазири ўринбосари Чжу Гуанъяо мамлакат расмийлари чет эл фуқаролар томонидан маҳаллий молиявий компаниялар — банклар, инвестицион фондлар, суғурта компаниялари, активларни бошқарувчи компаниялар ва бошқаларга эгалик қилинишига ўрнатилган чекловларни юмшатишни режалаштираётганини маълум қилди. Бу ҳақда «Коммерсант.ru» хабар бермоқда.
Шу пайтга қадар чет эл фуқаролари қўшма корхоналарнинг 49 фоизлик улушига эгалик қилиши мумкин эди. Эндиликда чегара 51 фоизгача кўтарилади, уч йилдан сўнг эса чекловлар бутунлай бартараф этилади.
Шунингдек, Хитой тижорат банклари ва активларни бошқарувчи компанияларда чет эл капитали 20 фоиздан ошмаслиги бўйича чеклов ҳам бекор қилинади.
АҚШ президентининг Хитойга ташрифидан бир кун ўтиб шундай қарор қабул қилинди.
Хитой иқтисодиётининг турли соҳаларида чет элликлар учун чекловлар ўрнатилган. Бундан маҳаллий бизнесни ва ишлаб чиқарувчиларни чет эллик рақобатчилардан ҳимоя қилиш мақсади кўзланган эди.
«Бу жуда муҳим рамзий қадамдир. У партиянинг XIX съездидан сўнг янги раҳбарият олдингидай молиявий либерализация ва очиқликни ёқлашини кўрсатади. Бу АҚШ босимини камайтириши мумкин»,— деб янгиликка изоҳ берди Mizuho Securities Asia компанияси катта иқтисодиётчиси Шэнь Цзяньгуан.
Изоҳ (0)